АҚШ Президенти Жорж Буш Теҳрон ҳукуматининг юқори доиралари Ироқдаги шиа жанггариларига Эрондан қурол-яроқ юборилишига аралашганми, йўқми билмаслигини айтди.

Лекин, Эрон Инқилоб соқчилари корпусининг ал-Қодс, деб номланувчи жанговар қаноти Ироқдаги Америка қўшинларига қарши ишлатилган қурол аслахаларни юборганига амин эканини таъкидлади Буш Вашингтондаги матбуот анжуманида.
“Шуни ишонч билан айтишим мумкинки, Эрон ҳукуматининг бир қисми бўлмиш, ал-Қодс кучлари айтилаётган мукаммал портловчи мосламаларни етказиб берган ва қўшинларимизга зарар етказган. Яна шуни қайтараманки, ал-Қодс кучларига бу ҳақдаги буйруқ Эрон ҳукуматининг юқори эшелонларидан келганми, йўқми билмайман. Лекин, бу ҳол ҳукумат буйруғи билан рўй бергани ёмонроқми, ёки уларнинг буйруғисиз рўй берганими, деган савол туғилади. Шунинг учун қўшинларимизни ҳимоя қилишда давом этамиз”, - деди Буш.
Бундан бир неча кун аввал АҚШ мудофаа вазирлигининг расмийлари Бағдодда берган баёнотида, Теҳрон ҳукуматининг юқори доираларини Ироқдаги жанггариларга қурол-яроқ етказиб берганликда айблаган эди. Чоршанба кунги чиқишида, Буш бу айбловларни Эронга уруш очиш баҳонаси сифатида ишлатмаётганлигини қўшимча қилди.