Вашингтондаги Америка тадбиркорлик институтида қилган чиқишида АҚШ Президенти Жорж Буш, Афғонистондаги Америка қўшинлари сонини ошириш ниятлари ҳақида ҳам маълум қилди.

Буш Қўшма Штатлар Афғонистонга қўшимча 3200 аскар юборишини эълон қилди. Бундан ташқари, Оқ уй раҳбари Конгрессдан келаси икки йил ичида Афғонистонга қарийб 12 миллиард АҚШ доллари миқдорида ёрдам кўрсатиш таклифини киритишини билдирди.
“Афғонистондаги 3200 қўшинимизнинг у ерда қолишини тўрт ойга узайтирдик ва яқин келажакда уларнинг ўрнини боса оладиган қўшинларни юборишни режалаштиряпмиз. Қўшимча кучлар ва маблағлар президент Карзайнинг умумий душманларимизга қарши курашида ёрдам беради”, - деди Буш.
Вашингтон раҳбари Афғонистонда “сезиларли силжишларга” эришилгани, лекин 2006 йилда душман “ўч олиш мақсадида қаттиқ зарба берганини” қўшимча қилди.