Россия Президенти Владимир Путин Чеченистон Президенти Алу Алхоновни истеъфога чиқариб, бош вазир лавозимини эгаллаб келган Рамзан Қодировни муваққат президент этиб тайинлади.

Бир неча кун аввал Алхонов ўзининг истеъфога кетиши ҳақидаги тахминларни миш-миш, дея инкор қилган эди. Кузатувчилар Алхонов билан Қодиров ўртасида ҳокимият учун кураш ҳақида гапириб келади. Кремлдаги учрашувда Путин Алхоновнинг бошқа ишга ўтиш ҳақидаги аризасини қондириб, уни Россия адлия вазирининг ўринбосари этиб тайинлаганини айтди.
“Сиз 2004 йилнинг августидан бери Чеченистон президенти лавозимида ишлаб келдингиз. Бу давр ичида Чеченистонда кўп нарса яхши томонга ўзгарди. Бу Чечнистон, қолаверса бутун мамлакат, учун осон йиллар бўлмади. Хусусан, Кавказ минтақасида кўп нарсага эришилди”, - деди Путин.
Чеченистонинг собиқ Президенти Ахмад Қодировнинг ўғли бўлмиш Рамзан Қодиров ўтган йилнинг октябрида 30га тўлган ва Чеченистон қонунларига кўра, президент лавозимини эгаллаш ҳуқуқини қўлга киритган эди. Алу Алхонов 2004 йилнинг августида президент этиб сайланган эди.