АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси президент Жорж Бушнинг Ироққа қўшимча куч жўнатиш режасига қарши резолюцияга овоз бериши кутилмоқда.

Демократлар фикрича, бу резолюциянинг маъқулланиши Жорж Бушнинг Ироққа оид стратегиясини ўзгартиришига туртки бўлиши мумкин. Палатанинг ҳарбий харажатлар бўйича мутасаддиси, Ироқдаги урушнинг ашаддий танқидчиси демократ Жон Мурта эса урушга сарфланаётган маблағни қисқартириш режасини ишлаб чиққанини маълум қилди. АҚШда ўтказилган сўровлар шуни кўрсатдики, Ироқдаги урушни ёқловчи америкаликлар сони тобора камайиб бормоқда. Уларнинг 53 фоизи АҚШ ҳарбийларини Ироқдан олиб чиқиш тарафдори экани маълум бўлди.