Германия ташқи ишлар вазири Франк-Вальтер Штайнмайер Арманистон ва Озарбойжонни Тоғли Қорабоғ муаммосини тезда ҳал этишга чақирди.

Ереванда Арманистон ташқи ишлар вазири Вардан Осканян билан учрашгандан сўнг Штайнмайер: “Биз Тоғли Қорабоғ муаммосини муҳокама этдик. Ўтган икки ой мобайнида ишлаб чиқилган ва қабул қилинган ҳужжатлар шу йилнинг ўзида натижа бериши ва низолашувчи тарафлар ўртасидаги давомли муросага элтишига умид қиламан”, - деди.
Ташқи ишлар вазирлари учрашуви чоғида Арманистон ва Туркия муносабатлари ҳам муҳокама этилгани айтилмоқда. 19 февраль куни Арманистон президенти Роберт Кочарян ўз ҳукумати ҳеч қандай талабларсиз Туркия билан дипломатик алоқалар ўрнатишга тайёр эканига ишора қилган эди.