Ўз мамлакати Ғарб билан янги қуролланиш пойгасини бошлаш мақсадида эмаслиги ҳақида баёнот берган Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Кремль АҚШнинг Марказий Европада мудофаа тизими қуриш режасидан ва НАТОнинг Шарққа томон кенгайишидан ташвишда эканини билдирди.

“АҚШнинг Марказий Европада ракета ҳужумидан мудофаа тизими қуриш қарори бизни ташвишлантирмоқда. Европадаги қуролли кучлар бўйича келишув аянчли аҳволда экани ҳам ташвишлидир. Бундан ташқари, НАТО ўз ҳарбий инфратузилмаларини Россия чегараларига яқин жойлаштираётганидан хавотирдамиз”, - деди Сергей Лавров.
Унинг таъкидлашича, Кремль расмийлари янги зиддиятларга киришиб кетмасдан, АҚШ ва НАТОнинг мазкур ҳаракатларига эҳтиёткорона ва вазиятга мутаносиб тарзда жавоб қайтаради.