“Эрк” демократик партиясининг Андижон вилояти бўлими раҳбари Исроил Холдоровга олти йиллик қамоқ жазоси тайинланди.

У конституциявий тузумга тажовуз қилиш, тақиқланган ташкилот фаолиятида иштирок этиш ҳамда Андижон воқеаларига алоқадорликда айбдор топилгани айтилмоқда. 57 ёшли И.Холдоров ўтган йилнинг сентябрь ойида Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида бедарак йуқолган эди. Кейинроқ у Ўзбекистон хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўғирлангани ва Андижондаги ҳибсхонада сақланаётгани маълум бўлганди. Хабарларга кўра, И.Холдоров чегарани ноқонуний кесиб ўтиш айбидан ташқари ўзига қўйилган барча айбловларни рад этган.