Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажот уранни бойитиш ишларини тўхтатиш борасида БМТ Хавфсизлик кенгаши қўйган ултиматумни рад этди.

Унинг таъкидлашича, Теҳрон ядровий технологиядан фойдаланиш ҳуқуқи йўлидаги ишларни давом эттиради. Эроннинг ядровий масалалар бўйича бош музокарачиси Али Ларижоний агар ядровий дастур борасида Ғарб давлатлари иштирокида музокаралар қайта бошланса, расмий Теҳрон ядровий қурол яратмасликка кафолат беришини маълум қилди, аммо музокараларни бошлаш учун Эроннинг уранни бойитиш жараёнини тўхтатиши эҳтимоли ҳақида лом-мим демади. БМТ Хавфсизлик кенгаши уранни бойитиш ишларини тўхтатиши учун Эронга берган 60 кунлик муҳлат 21 февраль куни тугади. Агар Атом энергияси халқаро агентлиги Эрон уранни бойитиш ишларини тўхтатмаганини тасдиқласа, БМТ Хавфсизлик кенгаши Эронга нисбатан қўшимча санкциялар жорий қилиши мумкин.