Афғонистонда АҚШ вице-президенти Дик Чейни тўхтатаган Бағром ҳарбий ҳаво базаси дарвозасига худкуш ҳужум уюштирди.

Афғонистондаги халқаро кучлар матбуот котиби Ангелла Биллингз “Озодлик” радиосига ҳужумда қурбонлар бўлганини маълум қилди.
“Дастлабки хабарларга кўра, портлаш оқибатида худкушни ҳисобга олганда жами тўрт киши ўлган. Тахминан 23 киши жароҳатланган бўлиб, уларга Бағромдаги тиббиёт марказида ёрдам кўрсатилмоқда”, - деди Ангелла Биллингз.
АҚШ ва Жанубий Корея расмийлари ҳужум оқибатида бир аскари нобуд бўлганини билдирди. Афғонистон расмийлари эса ҳужум оқибатида 18 киши ўлганини айтмоқда. Улар ҳалок бўлганларнинг аксариятини Бағром базаси яқинидаги бозорга келган тинч аҳоли вакиллари ташкил этганини таъкидлаяпти. АҚШ вице-президенти Дик Чейни портлаш рўй берган жойдан узоқда бўлгани ва унга зиён етмагани эълон қилинди. Сешанба куни Дик Чейни Кобулда Афғонистон президенти Ҳомид Карзай билан учрашди. Ҳозирча мазкур учрашув тафсилотлари ошкор этилмади. Уларнинг учрашуви душанба кунга белгиланган эди, бироқ об-ҳаво шароити ёмон бўлгани туфайли кечиктирилди. Афғонистонга келишдан аввал Дик Чейни Покистонда бўлиб, президент Парвез Мушарраф билан учрашди ва мамлакатнинг қабилалар назоратидаги ҳудудларида “Ал-Қоида” жангарилари қайтадан бирлашаётгани борасида хавотир билдирди.