Покистон Ташқи ишлар вазирлиги мулозими Ўзбекистон Исломий Ҳаракати раҳбари Тоҳир Йўлдошнинг қўлга тушгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

Пайшанба куни Покистон маҳаллий хабар агентликлари Тоҳир Йўлдош Покистоннинг Афғонистон билан чегарасида жойлашган Жанубий Вазиристон минтақасида мамлакат хавфсизлик кучлари томонидан ҳибсга олингани ҳақида хабар тарқатган эди. Толиблар даврида асосан Афғонистон ҳудудида бўлган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари Америка ҳужумларидан сўнг, Покистон ҳудудига ўтиб яширинганлари айтиб келинарди. ББС билан суҳбатда Покистон армияси матбуот котиби генерал майор Воҳид Аршод Тоҳир Йўлдошнинг ҳибсга олинганлигини рад этган.