Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажот ва Арманистон президенти Роберт Кочарян икки давлатни боғловчи газ қувурини ётқизиш лойиҳаси бошланиши маросимида иштирок этди.

Президентлар бу газ қувурининг Арманистоннинг Мехри шаҳарчасидаги биринчи бўлаги ётқизилишини бошлаб берди. Маросимда нутқ сўзлаган Р.Кочарян Теҳрон ва Ереван ўртасидаги ривожланиб бораётган алоқаларга юқори баҳо берди.
“15 йил аввал Мехри шаҳарчасида давлатларимизни боғловчи ҳеч нарса бўлмаган. Бу ерда Совет Иттифоқи чегарасини белгиловчи тиканли сим бўлган, холос. Эрон раҳбарини мен бугун кутиб олган кўприк ҳам мавжуд бўлмаган. Ўтган йил мобайнида мазкур кўприк орқали 600 минг тонна юк ташиб ўтилди”, - деди Р.Кочарян.
Бу газ қувури фойдаланишга топширилгач, Арманистон Эрондан йилига 2,5 миллиард куб метр газ импорт қилиши мумкин бўлади. Икки давлат ўртасида газ қувури тортиш тўғрисидаги шартнома 1992 йилда имзоланган.