Афғонистоннинг Ҳилманд вилоятида “Толибон” жангарилари томонидан ўғирланиб кетилган италиялик журналист озод этилди.

Хабарларга кўра, у Италиянинг Афғонистондаги элчихонаси ходимлари қўлига топширилган. Берлинда Германия канцлери Ангела Меркел билан музокара ўтказган Афғонистон президенти Ҳомид Карзай ҳам сал аввал италиялик журналист озод этилиши мумкинлигини билдирган эди. Мазкур учрашув чоғида А.Меркел Германиянинг Ироқда жангарилар томонидан ўғирлаб кетилган икки фуқароси тақдири борасида гапирди. Жангарилар Германия Афғонистондан ўз ҳарбийларини олиб чиқмаса, ўғирланган германияликлар ўлдирилиши тўғрисида огоҳлантирган эди. А.Меркел ва Ҳ.Карзай учрашуви чоғида Афғонистон ва Покистон муносабатлари ҳам муҳокама этилгани хабар қилинмоқда.