“Ҳарбийларимиз озод этилиши шартлигига Эрон ҳукуматини ишонтирдик, деб ўйлайман. Акс ҳолда бу жараён бошқа босқичга ўтади. Бироқ айни пайтда биз дипломатик уринишлар натижа беришига ҳаракат қилмоқдамиз”, - деди Тони Блэр.
Сал аввал Эрон расмийси ҳибсда сақланаётган британиялик денгизчилар аҳволи қониқарли ва уларга яхши муомала қилинаётганини маълум қилди. Бироқ у ҳарбийлар айни пайтда қаерда эканини ошкор этмади. Буюк Британия ўз аскарлари Форс кўрфазининг Ироққа қарашли қисмида ҳибсга олинганини билдирган эди. Теҳрон эса уларни кўрфазнинг Эронга қарашли ҳудудига ноқонуний киришда айбламоқда.