Остонада Европа Иттифоқининг юқори мартабали делегацияси ва Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.

ЕИ делегацияси таркибида бўлган Германия ташқи ишлар вазири Франк-Вальтер Штайнмайер “ЕИ МО давлатлари билан мустаҳкам алоқалар ўрнатиши шарт”лигини таъкидлади ва минтақа энергетика захиралари тузилма учун зарурлигига урғу берди. Музокараларда иштирок этган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов эса ЕИни мамлакат ички ишларига аралашмасликка даъват этди.
“Фикримизча, муносабатларни тенг ҳуқуқлилик, ўзаро ҳурмат ва бир-бирининг ички ишларига аралашмаслик асосида қуриш принципиал масаладир. Муносабатларимиз икки томон манфаатларига ғоявий тус бермасдан ўрнатилсагина, бир-биримизга яқинлашишимиз мумкин. ЕИ сиёсати ҳам шундагина самарали бўлади”, – деди В.Норов.