Еврокомиссиянинг ташқи алоқалар олий комиссари Бенита Ферреро-Валднер ЕИ делегациясининг Остонада Марказий Осиё ташқи ишлар вазирлари билан учрашувидан кейин “Ўзбекистон ўз фикрини ўзгартиргани ва ЕИнинг инсон ҳуқуқлари борасидаги ташвишларига жавоб қайтаришга иштиёқ билдираётгани”ни маълум қилди.

“Менимча, 2006 йил декабрда экспертларнинг биринчи гуруҳини қабул қилиш, иккинчи гуруҳнинг 2 апрелда Тошкентга келишига рухсат бериш Ўзбекистон ҳукумати фикри ўзгараётганидан даракдир. Биз кеча Остонада Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов билан давомли суҳбат қурдик”, - деди комиссар хоним.
У Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари борасида ЕИ билан қайтадан мулоқотни бошлаш иштиёқига юқори баҳо берди. Европа расмийсининг билдиришича, ЕИ Ўзбекистон халқи манфаати учун Тошкент билан муносабатларни давом эттираверади.