Афғонистон ва Покистонда тўхтовсиз ёққан ёмғир оқибатида, рўй берган сув тошқинида ўнлаб одам ҳалок бўлди ва юзлаб кишилар уйсиз қолди.

Расмийларга кўра, Афғонистоннинг Дайкунди вилоятида 30дан ортиқ, Ҳиротда эса етти киши ҳалок бўлган. Мамлакатнинг бошқа ҳудудларида 11 киши қурбон бўлган. Кобуллик Ҳожи Воҳид исмли мана бу киши тошқин кечаси бошлангани ва кўплаб уйлар вайрон бўлганини айтади.
“Сув тошқини кечаси бошланди. Эрталаб турганимизда вазият соат сайин кескинлашаётгани гувоҳи бўлдик. Кўриб турганингиздек, тошқин оқибатида, минглаб уйлар вайронага айланган”.
Афғонистон ички ишлар вазирлигига кўра, Урузғон вилоятида сув тошқини хавфи борлиги туфайли, 600дан ортиқ кишини дарҳол кўчириш лозим. Сув Кобул шимолидаги асосий йўлнинг бир қисми ва мамлакатнинг шимоли ва жанубини боғлаб турадиган кўприкни ювиб кетган. Қўшни Покистонда шанбадан якшанбага ўтар кечаси Ҳинду Куш тоғларида ер кўчиши оқибатида, 29 киши ҳалок бўлган.