Украина президенти Виктор Юшченконинг парламентни тарқатиб юбориш ва муддатдан олдин сайлов ўтказиш тўғрисидаги фармони президент нашрида эълон қилингандан сўнг кучга кирди.

Бу фармонда депутатлар конституцияни бузаётганликда айбланиб, парламент сайловини 27 май куни ўтказиш белгиланган.
Украина бош вазири Виктор Янукович президентнинг фармони “катта хато” эканини айтиб: “Биз президентни ўз қарорини бекор қилишга кўндириш учун барча имкониятларни ишга соламиз. Агар президент кўнмаса, фикримча, мамлакатда нафақат парламент сайлови, балки президент сайловининг ҳам ўтказилиши муқаррардир”, - деди.
АҚШ Украинадаги сиёсий кучларни босиқлик ва қонун устиворлигини ҳурмат қилишга чақирди. Россия ҳам Украинадаги воқеалар ривожидан ташвиш билдириб, мамлакатдаги ғарбпараст ва россияпараст фракцияларни келишувга эришишга даъват этди. Сўнгги хабарларга кўра, Ғарбга мойил ҳисобланган Украина президенти юзага келган бўҳронни ҳал этиш мақсадида ўзининг асосий рақиби бўлмиш россияпараст бош вазир билан музокаралар ўтказмоқда. Шунингдек, В.Юшченко парламент спикери Александр Морозни Миллий хавфсизлик кенгаши аъзолигидан чиқариб, ўрнига Ички ишлар вазирлиги ички қўшинлари бош қўмондони Александр Кихтенкони тайинлади.