Покистоннинг Жанубий Вазиристон вилоятида маҳаллий қавмлар вакиллари ва “Ал-Қоида”га алоқадор жангарилар, жумладан, Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзолари ўртасида яна тўқнашувлар рўй берди.

Маҳаллий расмийларнинг билдиришича, сўнгги жанглар мобайнида кўпчилиги ўзбеклар бўлган 60га яқин жангари йўқ қилинган.
Жанубий Вазиристон журналистлари уюшмаси раҳбари Сўйлаб Маъсуд “Озод Афғонистон” радиосига берган интервьюсида: “Маҳаллий қавмлар етакчилари “Ал-Қоида” жангариларига қарши курашиш учун халқ лашкарларини шакллантирмоқда. Қабиланинг уч мингга яқин вакили Мулла Назир бошчилигидаги қўшинларга қўшилди ва улар ўзбек жангариларига қарши уруш бошлаб юборди”, - деди журналист.