Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажот ҳибсга олинган британиялик 15 ҳарбийнинг барчаси озод этилишини маълум қилди.

“Эрон халқи ва Ислом республикаси ҳукумати бу ҳарбийларни судлашга тўла ҳуқуқи бўлган ҳолда уларни авф этади ва британияликларга тортиқ тариқасида озод қилади”, - деди Эрон раҳбари.
Бу хабарни эълон қилишдан олдин М.Аҳмадийнажод Эрон ҳеч кимга ўз чегара ҳудудларини бузишга йўл қўймаслигини таъкидлади ва инглиз ҳарбийларини ҳибсга олган Эрон аскарлари қўмондонига кўкрак нишони топширди. Эрон ахборот агенликларининг билдиришича, Эрон раҳбари британиялик ҳарбийларнинг айримлари билан мулоқот ҳам ўтказган. Ҳибсга олинган ҳарбийлар озод этилиши тўғрисидаги хабар тарқалгандан сўнг Буюк Британия ҳукумати Эрон раҳбарияти қарорини олқишлади.