Жазоирдаги камида 23 кишининг ўлими ва 160дан зиёд кишининг жароҳатланишига сабаб бўлган портлашлар учун масъулиятни "Ал-Қоида" ўз зиммасига олди.

Бу ҳақда "Ал-Жазира" телеканали мазкур террористик ташкилотнинг Шимолий Африкадаги вакили телефон орқали қилган баёнотга таяниб хабар қилди. Интернетдаги исломчи гуруҳларга қарашли сайтлардан бирида эълон қилинган баёнотда айтилишича, портлашни уч худкуш шахс амалга оширган. Халқаро ҳамжамият Жазоир портлашларини кескин қоралади. БМТ Бош котиби номидан унинг вакили Мари Окабе бундай деди:
“Бош котиб бу воқеаларни ўта аянчли, деб баҳоламоқда. Бу портлашлар Мағриб минтақасидаги худди шунга ўхшаш ҳужумларнинг бир қисми бўлди. Мазкур воқеа одамлар ва жамиятнинг бир маромдаги ҳаётини издан чиқараётган халқаро терроризмга қарши халқаро курашни кучайтириш заруриятини яна бир бор кўрсатиб турибди”.
Чоршанба куни Жазоир пойтахтида бир пайтнинг ўзида икки жойда: бош вазир қароргоҳи олдида ва пойтахтнинг шарқидаги мавзеда - халқаро аэропортга яқин жойдаги полиция бўлими олдида портлаш рўй берди. Яраланганлардан кўпчилигининг аҳволи оғир бўлиб, шунинг учун ҳам расмийлар қурбонлар сони яна кўпайиши мумкин, демоқда.