“Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти Афғонистонда тинч аҳоли вакиллари орасида қурбонлар сони кескин равишда ортаётганини билдирди.

Ташкилот эълон қилган ҳисоботда айтилишича, 2005 йилдан 2006 йилгача бўлган муддат ичида жангарилар томонидан уюштирилаётган ҳужумлар кўлами икки баробар кўпайган ҳамда бу ҳужумларда тинч аҳолининг 700га яқин вакили нобуд бўлган. Ҳисоботда таъкидланишича, инсонпарварлик ташкилотлари ходимлари, журналистлар, шифокорлар, диний уламолар ва ҳукумат идоралари ходимлари жангарилар нишонига айланган. “Толибон” жангарилари бу соҳа вакилларини жосусликда ёки хорижий кучларга кўмак беришда айблаб ўлдирмоқда. Шунингдек, ҲРУ ҳисоботида Афғонистонда ҳукумат ва хорижий кучлар томонидан амалга оширилаётган ҳарбий ҳаракатлар оқибатида ҳам тинч аҳоли вакиллари орасида йўқотишлар кузатилаётгани қайд этилган. Ҳисоботда билдиришича, тинч аҳоли вакиллари ҳарбийлар томонидан атайлаб ўлдирилмаган, бироқ айрим ҳолатларда халқаро кучлар фуқаролар ўлими олдини олиш борасида етарлича ҳаракат қилмаган. Айни пайтда Афғонистоннинг Қундуз шаҳридаги полиция машғулот марказида худкуш томонидан амалга оширилган ҳужум оқибатида тўққиз киши ҳалок бўлди, 30га яқин одам жароҳатланди.


* * * * * * * * * * *