Қирғизистон парламенти депутатларининг деярли чорак қисми ҳукуматнинг бу органи тарқатилиши зарур, деган фикрда.

Жами 75 депутатдан 21 нафари шундай қарорни маъқуллаб овоз берди. Озодлик радиосига бу ҳақда интервью берган депутат Омон Артиқбаев: “Ташаббусни 21 депутат маъқуллади. Бинобарин, биз мамлакатдаги ҳозирги ҳолат, иқтисодий ва сиёсий вазиятнинг ёмонлашувида президент Бақиев билан бирга парламент ҳам жавобгар, деб ҳисоблаймиз”, - деди.
Бишкек шаҳри марказида мухолифатнинг 6 мингга яқин тарафдори муддатсиз намойишларни давом эттирмоқда. Улар президент Бақиев истеъфоси ҳамда конституцион ислоҳотлар ўтказилишини талаб қилмоқда. Шу ҳафта ичида парламент янги конституция лойиҳасини муҳокама этиши лозим.