Европа Кенгаши Парламент ассамблеяси Украина раҳбариятини мамлакатда жиддий сиёсий ислоҳотлар ўтказа олмаяпти, деб танқид қилди.

Ассамблеянинг бу ҳақдаги резолюциясида айтилишича, президент Виктор Юшченко ва Бош вазир Янукович ўртасида юзага келган ҳозирги низо сабаблари 2004 йилда бўлган Зарғалдоқ инқилобидан кейинги ислоҳотларнинг шошилинч ва юзаки равишда ўтказилганига бориб тақалади.
Бунга жавобан Украина Олий Радаси спикери Александр Мороз шундай чиқиш қилди:
“Украинадаги конфликтни ўзимиз ҳал қиламиз ва президентни унинг ўз хатоларидан ўзимиз ҳимоя қиламиз. Бинобарин, у бизнинг президентимиз. Биз ўз ҳаракатларимизда Украина конституцияси ва Украина Конституцион суди қарорига таянамиз”.
Айни вақтда Украина Бош прокуратураси Конституцион суд фаолиятига аралашганлик факти бўйича бир неча жиноий иш қўзғади. Бу ҳақда парлементда чиқиш қилган Украина Бош прокурори биринчи ёрдамчиси Виктор Пшёнка шундай деди:
“Текширув жараёнида биз Конституцион суд биносининг блок қилинишига оид барча ҳолатларни кўриб чиқдик. Бу суднинг нормал фаолиятига тўсқинлик қилишга қаратилган ҳаракат эди. Бизда суднинг ўз мажбуриятларини бажаришига қаршилик қилиш ва судяларни ноқонуний қарор қабул қилишга мажбур қилиш мақсадида амалга оширилган ҳаракатлар бўйича фактлар бор”.