Афғонистон ва Покистон чегара ҳудудида икки давлат ҳарбийлари ўртасида отишма рўй берди.

Кобул расмийлари бу тўқнашувда Покистонни айбламоқда. Уларнинг сўзларига кўра, отишма Афғонистоннинг Пактика вилоятидаги Бармал туманида рўй берган. Афғон чегарачилари икки давлат ўртасидаги можароли ҳудудда Покистон ҳарбийлари ўрнатган тўсиқни олиб ташлаётган пайтда покистонликлар афғонларга қарата ўт очган. Афғон чегарачилари ҳам бунга жавоб қайтарган. Покистон қўшинлари генерали Воҳид Аршод эса расмий Кобулнинг иддаосини рад этиб, Покистон ҳарбийлари ўз чегара ҳудудида бўлган пайтда афғон чегарачилари уларни ўққа тутганини таъкидлади. Исломобод расмийлари чегарадан “Толибон” жангариларининг ноқонуний ўтишини бартараф этиш мақсадида Афғонистон билан 2,5 минг километрлик чегара ҳудудининг 35 километрига тўсиқлар ўрнатишини маълум қилган.