Россия Федерал хавфсизлик хизмати мухолифат етакчиларидан бири Гарри Каспаровни тўрт соат мобайнида сўроқ қилди.

Сўроққа тутилишидан беш кун аввал Г.Каспаров Москвадаги ҳукуматга қарши намойиш чоғида ҳибсга олиниб, кейинчалик қўйиб юборилган эди. Г.Каспаровнинг айтишича, ФХХ ходимлари уни яқинда “Эхо Москви” радиосидаги чиқиши ҳамда Москва ва Санкт-Петербургдаги намойишдан олдин мухолифатчилар нашрларида эълон қилинган баёноти борасида сўроққа тутган. “Эхо Москви” радиосининг хабар беришича, жорий ҳафта бошида ФХХ Г.Каспаров иштирокида радиода эфирга узатилган дастур қўлёзмасини талаб қилган. Г.Каспаровнинг адвокати шахмат бўйича собиқ жаҳон чемпионига ҳозирча ҳеч қандай айб қўйилмаганини маълум қилди.