Қирғизистон ҳукумати пойтахтда намойишчилар ва милиция ўртасида рўй берган пайшанба кунги тўқнашувлардан сўнг мухолифатчиларнинг митинги давом эттирилишини тақиқлаб қўйди.

Мухолифат тарафдорлари президент Қурманбек Бақиев истеъфоси ва конституциявий ислоҳотлар ўтказилишини талаб қилиб, 11 апрелдан буён Бишкекда муддатсиз намойиш ўтказиб келаётган эди. Қирғизистон хавфсизлик хизмати ходимлари собиқ бош вазир Феликс Қулов бошчилигидаги “Ор-номус” партияси ва “Қирғизистоннинг муносиб келажаги учун” бирлашган фронти идорасида тинтув ўтказди.
“Бугун эрталаб Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари ҳеч қандай ҳужжат кўрсатмасдан “Ор-номус” партияси офисига бостириб кирди. Бу ердаги тўрт қўриқчини калтаклаб, офисда ҳеч қандай рухсатномасиз тинтув ўтказди”, - деди “Ор-номус” партияси вакили Виталий Исҳоқов.
Бош прокурор буйруғига биноан хавфсизлик хизмати ходимлари мамлакатдаги “Қирғиз руҳи” ва “Ағим” мустақил газеталарининг сўнгги сони тиражини мусодара қилди. “24.кг” мустақил сайти фаолияти ҳам вақтинчалик тўхтатилди. Бош прокурор Элмирза Сотволдиев “оммавий тартибсизликларни келтириб чиқариш” айби билан айрим мухолифат етакчилари, жумладан, Ф.Қулов устидан жиноят иши очишга буйруқ берди. Хабарларга кўра, куни-кеча икки мингга яқин намойишчи ҳукумат биноси олдида тўпланиб, бинога қарата тош ва пластик шишалар улоқтира бошлагандан сўнг милиция кескин чора кўришга мажбур бўлган. Оқибатда 34 намойишчи ҳибсга олинган ва олти киши шифохонага ётқизилган.