Исроил бош вазири Эҳуд Олмерт Эроннинг ядровий дастури муаммосини ҳал қилишда ҳарбий амалиëтлардан кўра музокаралар столига ўтиришни маъқул кўришини билдирди.

Ғарб ахборот агентликларига берган интервьюсида Э.Олмерт халқаро жамоатчиликнинг Теҳроннинг ядровий дастурини тўхтатишга қаратилган ҳаракатлари самара беришини айтди. Шу ҳафтада Атом энергияси халқаро агентлиги Эрон Натанц шаҳридаги заводда ядровий ёнилғи ишлаб чиқаришни бошлаганини эълон қилган эди. Агентлик ҳисоботида айтилишича, бу заводда уранни тўйинтирувчи мослама – 1300 та центрифуга ва центрифуга каскадлари ўрнатилган. БМТ Хавфсизлик кенгаши уранни тўйинтиришни тўхтатишни талаб қилиб киритган санкцияларга қарамай, Эрон ядровий ёнилғи ишлаб чиқариш дастурларини давом эттирмоқда.