Францияда ўтказилган президентлик сайловининг биринчи босқичида ўнг марказчи Николя Саркози ва унинг асосий сиёсий рақиби социалист Сеголен Руаял сайловчиларнинг энг кўп овозини олиб, 6 май кунги иккинчи босқичда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

22 апрел кунги сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга фуқароларнинг тахминан 84 фоизи қатнашди. Собиқ Ички ишлар вазири Николя Саркози сайловчиларнинг қарийб 30 фоиз овозини олиб, биринчи ўринни эгаллади.
“Азиз ватандошлар. Франция халқи ўз хоҳиш-иродасини аниқ ва равшан ифода қилди. Президентлик сайловининг биринчи босқичи демократиямиз ғалабасидир. Овоз беришда сайловчилар кўп қатнашгани – Франция халқи улар учун бошқалар қарор беришини хоҳламасликларини кўрсатди. Мени биринчи, Руаял хонимни иккинчи ўринга қўйиш орқали сайловчилар Франция тараққиёти хусусида бораётган тортишувни охирига етказиш истагида эканликларини кўрсатдилар”, – деди Николас Саркози.
53 яшар социалист Сеголен Руаял биринчи босқичи президентлик сайловида салкам 26 фоиз овоз олди. Агар иккинчи босқичида Руаял ғалабага эришса, Франция тарихида биринчи марта мамлакатни аёл президент бошқаради. Якшанба кунги сайловда 18 фоиз овоз олган марказчи Франсуа Байру учинчи ўринни, ўнг қанот сиёсатчи Жан-Пари Ле Пен эса 11 ярим фоиз овоз билан тўртинчи ўринни эгаллади.