Туркия Конституциявий суди мамлакатда сиёсий бўҳрон авж олишига сабаб бўлган президент сайловининг биринчи босқичи натижаларини бекор қилди.

Туркиянинг дунёвий давлат бўлиши тарафдорлари Абдулла Гулнинг президент этиб сайланишидан ташвиш билдириб, Конституциявий судга шикоят аризаси киритган эди.
Мухолифат вакиллари Абдулла Гул президент этиб сайланса, давлат бошқарувида исломий ғояларни тарғиб эта бошлашидан ташвиш билдираётган эди.
Конституциявий суд қарори Туркияда муддатдан аввал парламент сайлови ўтказилишига йўл очиб бериши тахмин қилинмоқда.
Сиёсий бўҳрон муносабати билан телевидение орқали чиқиш қилган Туркия бош вазири Ражаб Тойиб Эрдўғон мамлакат аҳолисини миллий бирдамликка чақирди.
“Ҳурматли ватандошлар, энг муҳим эҳтиёжимиз бирлик, баробарлик, сабр. Севги дейилган бу руҳий гўзалликни биргаликда эъзозлашимиз лозим. Бу жуда катта сармоя. Бир-биримизга севги билан яқинлашган пайтимизда кўп нарсани уддалаймиз. Туркиянинг бу бирликка, баробарликка, бу севгига жуда катта эҳтиёжи бор”, - деди бош вазир.