Афғонистонда АҚШ бошчилигидаги коалиция кучларининг жанггариларга қарши амалиётлари чоғида тинч аҳолининг ўлдирилишига қарши норозилик намойишлари давом этмоқда.

Бугун Нонгаҳор вилоятида икки мингга яқин талаба АҚШ ҳукумати ва Афғонистон президенти Ҳомид Карзайга қарши шиорлар билан чиқди. Ҳирот вилоятида ҳам норозилик намойишларининг бўлиб ўтгани айтилмоқда. Шу пайтгача, Афғонистонда толибон жанггарилари ҳужуми ва қўпорувчилик ҳаракатлари оқибатида мингдан ортиқ фуқаро нобуд бўлган. Бироқ халқаро кучларнинг олиб бораётган амалиётлари оқибатида ҳам тинч аҳоли вакиллари қурбон бўлмоқда. Айни пайтда Афғонистон президенти Ҳомид Карзай мамлакатдаги халқаро кучлар тинч аҳоли вакилари орасида талофотлар камайишини олдини олиши шарт деган фикрни билдирди. Ҳомид Карзайга кўра, халқаро кучларнинг бундай ҳаракатларига ортиқ тоқат қилиб бўлмайди. Шунингдек, бугун Қандаҳор вилоятида беш нафар толибон жанггариси коалиция кучлари томонидан ўлдирилган.