Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Таллин марказидаги Совет армияси аскарлари хотира монументининг кўчирилиши Россия-Эстония муносабатларига жиддий салбий таъсир этганини маълум қилди.

С.Лавров Эстония ҳукуматини ўтган ҳафта Таллин марказида ҳайкални кўчиришга қарши намойишчилар ва полиция ходимлари ўртасида рўй берган тўқнашувлар юзасидан тергов ишлари ўтказишга чақирди. Намойишчилар ва полиция ўртасидаги тўқнашув оқибатида рус миллатига мансуб бир шахс ҳалок бўлган, 150дан ортиқ фуқаро жароҳатланган эди. НАТО, шунингдек, ЕИ ва АҚШ Эстония ҳукуматини бу масалада қўллаб-қувватлашини билдирди. НАТО Москвадаги эстониялик дипломатлар хавфсизлигига қилинган таҳдид борасида жиддий ташвиш билдирди. НАТОнинг таъкидлашича, бу борада Россия ва Эстония ўртасида авж олган зиддият дипломатик йўл билан ҳал этилиши даркор.