Мисрнинг Шарм аш-Шайх шаҳрида Ироқдаги вазиятни барқарорлаштиришга бағишланган халқаро анжуман иш бошлади.

Анжуманнинг очилиш маросимида нутқ сўзлаган АҚШ давлат котиби Кондолиза Райс жаҳон ҳамжамиятини Ироқдаги вазиятни яхшилашга қаратилган беш йиллик режани фаол қўллаб-қувватлашга чорлади. Тадбирда нутқ сўзлаган Ироқ бош вазири Нурий ал-Маликий эса барча давлатларни Ироқнинг ташқи қарзларидан воз кечишга чақирди. Ҳозир Ироқнинг ташқи қарзи 50 миллиард АҚШ долларини ташкил этади. Яқинда қарз берувчи давлатларнинг Париж клуби Ироқнинг 100 миллиард доллар ташқи қарзини бекор қилган эди. Анжуманда Ироқда давом этаётган зўравонликларга барҳам бериш масалалари ҳам муҳокама этилиши кутилмоқда. Анжуман доирасида К.Райс Сурия ташқи ишлар вазири Валид ал-Муаллим билан қисқа музокара ўтказди. Бу АҚШ ва Сурия юқори мартабали расмийларининг узоқ йиллар давомида амалга оширган илк учрашувидир.