ЕИ ўзбекистонлик мустақил журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Умида Ниёзова қамалиши борасида жиддий ташвиш билдирди.

ЕИнинг бугун эълон қилинган баёнотида Ўзбекистон ҳукуматидан ҳуқуқ ҳимоячилари Умида Ниёзова ва Гулбаҳор Тураевага берилган қамоқ жазосини қайта кўриб чиқиш сўралган.
“Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари аҳволидан ўз ташвишларини яна бир бор таъкидлаган ҳолда, Европа Иттифоқи Ўзбекистон ҳукуматини дарҳол мазкур икки ишни қайта кўриб чиқиш ва Ўзбекистон халқаро инсон ҳуқуқлари тамойиллари бўйича ўз зиммасига олган масъулиятларга асосланиб, тегишли ва адолатли суд принципларини ҳурмат қилишини сўрайди. Европа Иттифоқи Ўзбекистон ҳукуматини бу икки аёлнинг ўз қариндошлари ва адвокатлари билан бемалол учраша олишларига имкон беришга чақиради”, – деди ЕИ матбуот котиби.
Эслатиб ўтамиз, Гулбаҳор Тураева ноқонуний адабиётни Ўзбекистонга олиб киришда гумон қилиниб 24 апрел куни олти йилга озодликдан маҳрум қилинган эди. Умида Ниёзова ҳам чегарадан ноқонуний ўтиш, контрабанда, диний ва чет давлатлар ташкилотларининг молиявий ёрдамида жамият хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид қилувчи материалларни тайёрлаш ва тарқатишда айбланиб етти йилга қамалган эди.