Райс АҚШ режалари барбод бўлишига йўл қўймайди

АҚШ давлат котиби Кондолиза Райс Россиянинг Вашинтоннинг Европада ракета ҳужумидан мудофаа тизимини жойлаштириш режасини барбод этишига йўл қўймаслигини билдирди.

К.Райс Москвада Россия президенти Владимир Путин билан учрашгандан кейин шундай баёнот берди.

В.Путин ва К.Райс ўртасидаги музокарада иштирок этган Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров томонлар ўз баёнотларини мўътадиллаштиришга ва аниқ муаммоларга кўпроқ эътибор қаратишга келишиб олганини маълум қилди.

Унинг айтишича, Москва ва Вашингтон Косово мақоми борасида мақбул ечимни излашга ҳам келишиб олди.

Россия Вашингтонни халқаро масалаларда ўз манфаатларини устун қўйиб келаётганликда айбламоқда, шунингдек, унинг Европада ракета ҳужумидан мудофаа тизимини қуриш режаларини танқид остига олаётир. Россия АҚШнинг демократияни тарғиб этиш учун маблағ ажратиши бошқа давлатлар ички ишларига аралашув эканини ҳам таъкидламоқда. АҚШ эса Россиядаги демократик жараёнлар орқага қараб кетаётганидан хавотирда.