Сергей Ястржембский муаммолар бўрттирилганини айтди

Россия президентининг ЕИ масалалари бўйича ёрдамчиси Сергей Ястржембский сўзларига кўра, Москва ва Брюссель ўртасидаги сиёсий бўҳрон тўғрисида тарқалган хабарлар бўрттириб юборилган.

Россия ва ЕИ ўртасида айрим муаммолар мавжудлигини тан олган Сергей Ястржембский мазкур хабарлар мавжуд келишмовчиликлар кўламини кенгайтира олмаслигини, ўзаро муносабатлар ривожи унчалик ёмон эмаслигини маълум қилди.

ЕИ мамлакатлари ва Россия ўртасида айрим келишмовчиликлар борлиги ҳақиқат. Польша агар Россия унинг гўшт маҳсулотлари импортига жорий этган чекловни бекор қилмаса, ЕИнинг Россия билан ҳамкорлиги борасидаги янги келишув бўйича музокаралар бошланишига вето қўйишини билдирган.

Шунингдек, Таллиндаги совет аскари хотира монументининг кўчирилиши ЕИга аъзо Эстония билан Россия ўртасидаги муносабатларга таъсир этди.