Самара шаҳрида Россия ва ЕИ раҳбарларининг олий даражадаги учрашуви бўлди.

Унда Россия президенти Владимир Путин, Еврокомиссия президенти Хосе Мануэл Баррозо ва ЕИнинг амалдаги раиси Германия канцлери Ангела Меркел қатнашди.

Хабарларга кўра, саммитда ЕИ ва Россия муносабатлари, шунингдек, Россия фуқароларининг ЕИ давлатига визасиз борди-келдиси, Польша гўшт маҳсулотларининг Россияга экспорт қилинишига қўйилган тақиқ атрофидаги тортишувлар ва бошқа масалалар муҳокама қилинган.

Учрашувдан сўнгги матбуот анжуманида Баррозо Россиянинг Польша гўшти экспортига киритилган чекловни давом эттиришига ҳеч қандай сабаб кўрмаётганини билдирди. Унинг айтишича, Россиянинг нафақат Польша, балки тузилма аъзоси Эстония билан тортишуви ҳам бутун ЕИнинг муаммосидир.

В.Путин эса этник русларни дискриминация қилаётганликда айблаб, Латвия ва Польшани танқид қилди ҳамда бу Европа учун “номақбул ва муносиб бўлмаган ҳол” эканини таъкидлади.

Саммит вақтида Самарада рус мухолифатининг 300га яқин аъзоси намойиш ўтказиб, милиция назорати остида шаҳар маркази томон юриш қилди. Намойишдан бир неча соат олдин Москва шаҳрида мухолифат етакчилари, жумладан, Гарри Каспаровнинг Самарага учиб кетишига йўл қўйилмаган эди.