Ливан армияси жангариларга қарши жанг олиб бормоқда

Ливаннинг Триполи шаҳри ва унинг атрофида хавфсизлик кучлари ва “Ал-Қоида”га алоқадор экани айтилаётган гуруҳ жангарилари ўртасида қуролли тўқнашувлар давом этмоқда.

20 май куни эрта тонгда бошланган отишмаларда ҳозиргача камида 30 одам, жумладан, Ливан армиясининг 13 аскари ҳалок бўлди.

“Шаҳардаги вазиятни 80-90 фоиз назорат қиляпмиз. Қисқа фурсат ичида шаҳарни тўла назоратга оламиз. “Фатҳ ал-Ислом” гуруҳи ҳозирча муҳим бўлмаган иккита кичик позицияни эгаллаб турибди. Бироқ жанглар давом этаётган Наҳр ал-Баридда армия қисмлари қарши ҳужумга ўтяпти”, - дея баёнот берди Ливан ҳукумати вазири Аҳмад Фатфат.

Қуролли тўқнашув сабабли Сурия Ливан билан чегарадаги текширув пунктини ёпди. Россия ҳукумати эса Ливандаги қуролли тўқнашувлардан жиддий хавотир билдирди.