Тожикистонда Ўзбекистонга ўтказилиши мўлжалланган 54 килограмм наркотик модда ушлаб қолинди.

Тожикистон президенти ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш агентлигининг Сўғд вилояти бўлими вакили Акбар Адҳамовнинг билдиришича, агентлик ходимлари Панжакент туманининг Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудида шубҳали уч отлиқ шахсни кўриб қолган. Улар ходимларнинг буйруғига бўйсунмагани учун осмонга огоҳлантирувчи ўқ узилган. Шундан сўнг отлиқлар қопларини ташлаб, Ўзбекистоннинг Ургут туманига қочиб ўтган.

А.Адҳамовнинг сўзларига кўра, қоплар текшириб кўрилганда улардан 44 килограмм героин ва 10 килограмм наша топилган. Айни пайтда бу ҳақда Ўзбекистон томонига ҳам хабар қилинган ва жиноятчиларни топиш учун биргаликда амалий чора-тадбирлар ўтказилмоқда.

Шу ой бошида Ўзбекистоннинг Бекобод шаҳрига ўтказилиши мўлжалланган 80 килограмм қорадори ҳам ноқонуний савдодан олиб қўйилган эди.