Буюк Британия ўз талабидан қайтмайди

Россия Андрей Луговойнинг экстрадиция қилинмаслигини билдирганига қарамай, Буюк Британия рус бизнесменининг ўзига топширилиши талаб қилишда давом этади.

Бу ҳақда Буюк Британия бош вазири Тони Блэрнинг расмий вакили маълум қилди.

Куни-кеча Буюк Британия прокуратураси Россия Федерал хавфсизлик хизматининг собиқ офицери Александр Литвиненконинг ўтган кузда ўлдирилиши юзасидан А.Луговойга айблов эълон қилишга тайёр эканини билдирган эди. Россия расмийлари эса мамлакат қонунларига биноан А.Луговой фақат ўз ватанида суд қилиниши мумкинлигини айтганди. А.Луговой ҳам ўзига қўйилаётган айбларни бутунлай рад этган.

Лондонда яшаётган россиялик ишбилармон Борис Березовский қотилликка Россия махсус хизматлари алоқадор эканини яна бир бор таъкидлаб, А.Луговойнинг айбдорлигига ишонишини маълум қилди.