Роберт Симмонс Тожикистон раҳбари билан учрашди

НАТОнинг Марказий Осиё ва Кавказ минтақаси бўйича махсус вакили Роберт Симмонс Душанбеда Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан учрашиб, томонлар ўртасидаги муносабатларнинг бугунги аҳволи ва истиқболини муҳокама қилди.

Учрашувда И.Раҳмон Тожикистон билан НАТО ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантириш тарафдори эканини билдирди.

Р.Симмонс эса НАТО Тожикистон ҳукуматининг аксилтеррор иттифоққа тарафдорлик қилаётганини маъқуллашини ва бу давлат билан турли соҳаларда ҳамкорликни давом эттираверишини қайд этди.

“Озодлик” мухбирининг НАТО ва Ўзбекистон муносабатларининг ҳозирги аҳволи тўғрисидаги саволига жавобан Р.Симмонс: “Биз бошқа халқаро ташкилотлар каби Андижонда юз берган воқеаларга танқидий муносабат билдирган эдик. Биз аввалгидек Андижондаги воқеаларни муҳокама қилаверамиз”, - деди.

Шу билан бирга, Р.Симмонс Ўзбекистоннинг НАТО билан ҳамкорликни давом эттиришга рағбат билдирганини олқишлашини таъкидлади.