Эрон ўз йўлидан чекинмоқчи эмас

Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажот Теҳрон ўзининг ядровий дастуридан “бир қадам ҳам” чекинмаслигини яна бир бор таъкидлади.

“Эрон душманлари Теҳронни ядровий дастурдан тинч мақсадда фойдаланишига тўсиқлик қилишга уринмоқда ҳамда бу душманлар исломий республика тамойилларини таг-томири билан кўчириб ташлашни истамоқда”, - деди Эрон инқилоб гвардияси қўмондонлари олдида чиқиш қилган М.Аҳмадийнажот.

Куни-кеча Атом энергияси халқаро агентлигининг Эрон ядровий дастурига оид ҳисоботи эълон қилинганди. Ҳужжатда айтилишича, Эрон нафақат уранни бойитишни тўхтатмаган, балки бу борадаги ишларини жадаллаштирган.