Фаластин президенти Маҳмуд Аббос “Ҳамас” ҳаракатини Исроилга ракета ҳужумини зудлик билан тўхтатишга чақирди.

М.Аббос айни шу масалада “Ҳамас” етакчилари билан учрашгани билдирар экан, Исроил билан икки томонлама ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишувга эришиш учун ракета ҳужумлари тўхтатилиши шартлигини таъкидлади.

Исроил эса “Ҳамас” ҳаракатининг 30дан ортиқ расмийсини ҳибсга олди. Хабарларга кўра, ҳибсга олинганлар орасида Фаластин таълим вазири ва Наблус шаҳри ҳокими ҳам бор.

Ўтган йили исроиллик аскар жангарилар томонидан ўғирлаб кетилгандан сўнг Исроил хавфсизлик кучлари “Ҳамас”нинг ўнлаб расмийсини ҳибсга олган эди. Уларнинг аксари ҳозиргача Исроил қамоқхоналарида сақланмоқда.