АҚШ мудофаа вазири Роберт Гейтснинг Афғонистон сафари давом этмоқда.

Кобулда Афғонистон президенти Ҳомид Карзай билан учрашган Р.Гейтс мамлакатда Эронда ишлаб чиқарилаётган қурол-яроғ топилаётганини маълум қилди.

“Сўнгги бир неча ой мобайнида Эрондан қурол-яроғ келаётгани борасида далиллар мавжуд. Бунга Эрон ҳукуматининг алоқаси бор-йўқлиги, қурол контрабандаси ортида ким тургани борасида ҳеч қандай маълумотга эга эмасмиз. Бироқ айрим қуролларнинг Афғонистонга келаётгани аниқ. Улар “Толибон” жангарилари ёки наркотик моддалар контрабандаси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳларга мўлжалланган бўлиши мумкин. Биз бу масалага жиддий ёндашиб, яқиндан кузатиб бормоқдамиз”, - деди вазир.

Ҳомид Карзай эса Кобул ва Теҳрон ўртасида дўстона алоқалар мавжудлигини тилга олиб, қурол-яроғ контрабандасида Эрон ҳукуматининг иштироки борасида далиллар йўқлигини билдирди.

5 июнь куни Роберт Гейтс Қирғизистонга сафар қилади.

АҚШнинг Бишкекдаги элчохонаси тарқатган маълумотга кўра, Р.Гейтс Қирғизистон расмийлари билан учрашиб, икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик ва хавфсизлик муаммоларига оид масалаларда музокаралар ўтказади. Р.Гейтс АҚШнинг Бишкекдаги ҳарбий авиабазасини ҳам бориб кўриши кутилмоқда.