АҚШ президенти Жорж Буш Чехия президенти Вацлав Клаус ва бош вазир Мирек Тополанек билан учрашди.

Прагадаги бу учрашувларда АҚШнинг Марказий Европада ракета ҳужумидан мудофаа тизими элементларини, жумладан, Чехия ҳудудида радар мосламасини жойлаштириш режаси муҳокама этилди.

Музокаралардан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида Жорж Буш Россия АҚШнинг душмани эмаслиги ва Европада мудофаа тизими жойлаштирилишидан қўрқишга ҳожат йўқлигини таъкидлади.

“Мен Владимир Путин билан нафақат “катта саккизлик” анжуманида, балки унинг Америкага ташрифи чоғида ҳам суҳбатлашмоқчиман. Мен унга Россия мудофаа тизимидан қўрқмаслиги кераклигини, аксинча бу борада биз ҳамкорлик қилишимиз зарурлигини айтаман” - деди Жорж Буш.

Россия ҳукумати Вашингтоннинг Марказий Европада ракета ҳужумидан мудофаа тизими элементларини жойлаштириш режасини кескин танқид қилиб келмоқда. Куни-кеча В.Путин агар Вашингтон режасидан қайтмаса, Россия бунга жавобан ўз ракеталарини Европадаги нишонларга қаратиши тўғрисида огоҳлантирди.

Жорж Буш Прагада демократия масалаларига бағишланган анжуманда ҳам иштирок этиб: “Россияда бир пайтлар фуқароларга ваъда қилинган ислоҳотлар издан чиқди ва бунинг демократик тараққиётга таъсири ташвиш уйғотмоқда. Яхши муносабатларнинг бир қисми -тортишувли масалаларда очиқ-ойдин гаплашиш қобилиятидир. Шунинг учун ўз тамойил ва қадриятларимиздан чекинмаган ҳолда АҚШ бу давлатлар билан муносабатларни яхшилашда давом этаверади”, - деди Жорж Буш.