Эшони дароз қўлга олинди

Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг наркотик моддалар ноқонуний айланишига қарши кураш бошқармаси бошлиғи Абдул Розиқов “Эшони дароз” тахаллуси билан танилган Фатҳуллоҳ Хайриддин қўлга олинганини тасдиқлади.

“Икки кун аввал Душанбе-Ваҳдат автомобиль йўлида тахминан 6 килодан ортиқ қорадорини сотиш ниятида бўлган икки тожик фуқароси ушланди. Улардан бири Эшони дароз экани маълум бўлди”, - деди А.Розиқов.

Тожикистондаги фуқаролар уруши даврида Эшони дароз собиқ бирлашган тожик мухолифатининг Ваҳдат туманида танилган дала қўмондонларидан бир бўлган. Тожиклараро миллий ярашув борасидаги келишувга эришилгандан кейин у Ички ишлар вазирлиги махсус батальонининг Ваҳдат бўлимини бошқарган.

Айрим мустақил манбаларга кўра, Эшони дароз 2002 йилда амалдаги ҳукуматга қарши чиққан собиқ мухолифат лидерларини қўлга олишда қатнашган. Эшони дарознинг отаси Эшони Хайриддин бир қанча вақт Тожикистон Ислом уйғониш партиясининг Ваҳдат тумани бўлимига раҳбарлик қилган.