Африкага 60 миллиард доллар ажратилади

Германиянинг Хайлигендамм курортида учрашган “катта саккизлик” давлатлари раҳбарлари Африкада ОИТСга қарши кураш дастурига 60 миллиард АҚШ доллари ажратишга келишиб олди.

“ОИТСга қарши кураш дастури учун 60 миллиард доллар ажратилмоқда. Эътибор, асосан, таълим-тарбияга қаратилади ва бунинг учун қўшимча маблағ мавжуд. Шунингдек, Африкадаги тинчлик ўрнатиш миссиясига, жумладан, қитъа давлатларининг ўз маҳсулотларини четга чиқаришига кўмак бериш ҳамда одил давлат бошқарувини қўллаб-қувватлашга ҳам маблағ ажратилиши назарда тутилган”, - деди Буюк Британия бош вазири Тони Блэр.

Музокараларда Африканинг олти давлати раҳбарлари ҳам иштирок этди. Шунингдек, “катта саккизлик” етакчилари тез суръатлар билан ривожланаётган Хитой, Ҳиндистон, Бразилия, Мексика ва Жанубий Африка Республикаси раҳбарлари билан музокаралар ўтказди.

Шу билан “катта саккизлик” саммити якунланди.