Россиянинг Косово борасидаги позицияси ўзгармаган ва Москва Косовога мустақиллик берилишига норозидир. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин вакилларидан бири баён қилди.

АҚШ Президенти Жорж Буш якшанба куни Косованинг келажаги бўйича ҳар қандай музокра минтақага “мустақиллик бериш” мақсадини кўзлаган бўлиши кераклигини таъкидлади.
Буш Албания пойтахти Тиранада Бош вазир Сали Бериша билан учрашувдан кейин шундай баёнот берди.
“Мен икки насрса ҳақида аниқ айтдим. Биринчиси, бу борада олдинга силжишга эришмоғимиз керак. Иккинчиси якуний натижа мустақиллик бўлиши керак. Бу ҳақда узоқ гаплашдик”.
Буш “аллақачон бир тўхтамга келинган масалада узоқдан-узоқ мулоқот қилиш”ни қўллаб-қувватламаслигини қўшимча қилди.
“Эртами кечми, бўлар иш бўлди, Косово мустақил бўлди, дейишингизга тўғри келади”, деди Оқ уй раҳбари.
БМТ таклиф қилган режага кўра, Сербиянинг Косово вилоятига Халқаро кузатувдаги мустақиллик берилиши кўзда тутилган.