Британия бош вазири Тони Блэр Германиянинг Хайлигендамме шаҳрида ўтган Катта саккизлик саммити якунлари ҳақида гапирар экан Москва ва Лондон ўртасидаги бахсли масалалар ечилмай қолганини таъкидлади.

Британия парламентида қилган чиқишида Блэр Россия президенти Владимир Путин билан ўтказган сўзлашувларда Косова мақоми, Американинг ракета ҳужумига қарши мудофаа тизими, Литвиненко иши ва Россияда демократия каби мавзуларда суҳбатлашганини қайд этди.
"Россия олиб бораётган бугунги сиёсат ва унинг оқибатлари ҳақида одамлар хавотир билдираётгани билан боғлиқ ўз қарашимизни ифода этдим. Президент Путин ҳам худди шундай очиқ оҳангда ўз фикрини айтди. Бундай фикр алмашув бўлганининг ўзи яхши холат.Барча масалалар ўта очиқ вазиятда мухокама этилди.Мен Россия билан яхши муносабатлар истаётганимизни айтдим. Владимир Путин ҳам Россия-Британия муносабатларини мустаҳкам холда кўришни хоҳлашини айтди. Лекин ҳақиқат шундан иборатки, давлатларимиз ўртасидаги муаммолар ечилмай қолган", - деди Британия Бош вазири Тони Блэр.