Венада “Европада оддий қуролли кучлар тўғрисида”ги битимга аъзо давлатларнинг фавқулодда учрашуви иш бошлади.

Авазбек Алиев
Мазкур учрашув Россия таклифи билан ўтказилмоқда. Май ойида Москва ушбу битимни НАТОга аъзо барча давлатлар ратификация қилмас экан, битим шартларига амал қилмаслигини билдирган эди.
Учрашувдан аввал ўтказилган матбуот анжуманида Россия делегацияси раҳбари Анатолий Антонов Москва мазкур битимга мораторий эълон қилмагани ва ундан чиқиш тўғрисида гапирмаётганини маълум қилди. Анатолий Антоновга кўра, Москва “Европадаги оддий қуролли кучлар тўғрисида”ги битимни қайта кўриб чиқишни истамоқда.
”Келинглар, биргаликда мазкур вазиятда қандай яшашимиз ва Европада оддий қуролли кучлар устидан самарали назорат бўлиши тўғрисида ўйлаб кўрайлик” - деди Россия делегацияси раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, “Европада оддий қуролли кучлар тўғрисида”ги битим 1990 йилда имзоланган эди.