АҚШ Давлат Департаменти Ўзбекистон, Эрон, Саудия Арабистони ва Шимолий Кореяни 21 аср қуллиги деб аталмиш одам савдосига қарши етарли чора кўрмаётган давлатлар қаторига қўшди.

Бу давлатлардан йилига минглаб одам асосан аёл ва ёш болалар араб, Ғарбий Европа давлатлари, Россия ва бошқа мамлакатларга олиб кетилиб, арзон ишчи кучи сифатида эксплуатация қилинмоқда ёки фоҳишалик билан шуғулланишга мажбурланмоқда. Шунингдек, АҚШ Давлат Департаменти Вашингтон иттифоқчилари бўлмиш Бахраин, Қувайт, Қатар давлатларини одам савдосига талаб даражасида курашмаётган давлатлар деб атади. Бундай давлатлар Қўшма Штатлар санкцияларига мубтало бўлишлари ва АҚШ ёрдамларидан бенасиб бўлишлари мумкин.